Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Болани тарбиясига олиш билан боғлиқ ишларни кўришда судлар томонидан нималарга эътибор берилиши лозим?
2024-02-28 18:39:01 9282
Оила жамиятнинг асосий бўғинидир, шахснинг жисмонан ва маънавий ривожланиши шарт-шароитлари айнан оилада шаклланади. Шу билан бирга оила бола учун унинг яшашини таъминлайдиган бошпанадир. Шунинг учун ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқига эга. Шунга кўра, оила қонунчилигининг асосий принципларидан бири бу болани оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилганидир. Бола ота-онасининг ғамхўрлигидан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги унинг турмушдаги эҳтиёжларини қондиришга асос бўлади. Бола ота-онаси билан бирга яшаш ҳуқуқига эга.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ ҳар бир шахс 18 ёшга тўлгунга қадар бола деб эътироф этилади. Конвенция қоидалари ирқи, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ёки туғилган жойидан қатъи назар барча болаларга нисбатан қўлланилади. Конвенциянинг 12-моддасига кўра болага тегишли қарорларни қабул қилишда бола ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва унинг фикрини ҳисобга олиш керак. Бу болалар ота-оналарига нима қилиш кераклигини айтишлари мумкин дегани эмас. Конвенция катталарни болаларнинг фикрларини тинглашга ва уларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб қилишга ундайди, лекин болаларга катталар устидан ҳокимият бермайди. 12-модда ота-онанинг мажбуриятлари ва ўз фарзандига тааллуқли масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ҳуқуқига шубҳа қилмайди. Бундан ташқари, Конвенция боланинг қарор қабул қилишда иштирок этиш даражаси унинг ривожланиш даражаси ва психологик етуклигига мос келиши кераклигини тан олади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддаси 5-қисмига кўра ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.
Бу қонун нормалари Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 23-сонли қарорида ҳам кўрсатиб ўтилган. Қарорнинг 3-бандида “Суд бошқа-бошқа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган болаларни уларнинг қайси бири билан қайси боласи яшаш учун қолиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила Кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаатларига ва хоҳишларига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим. Бунда суд ота-онадан бирининг моддий-маиший аҳволи устунлигининг ўзи болани унга олиб бериш учун асос бўла оладиган шарт ҳисобланмаслигини назарга олган ҳолда, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, ота-онадан қайси бири болаларига нисбатан кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатаётганлигини, болаларнинг ёшини ва ота-онадан қайси бирига кўнгил қўйганлигини, ота-онанинг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг маълумот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини эътиборга олади.
Суд 10 ёшга тўлган боланинг ота-онасининг қайси бири билан яшаш истаги борлигини ҳам эътиборга олиши мумкин.
Судлар бола тарбияси билан боғлиқ ишларни кўришда юқорида санаб ўтилган миллий қонунчилик нормалари ва раҳбарий кўрсатмалардан фойдаланадилар. Аммо улар Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядан тўлиқ фойдаланадиларми?
Аксарият ҳолларда судлар болани олиш тўғрисидаги ишларни кўришда юқоридаги Олий суд Пленуми қарорига асосан бола 10 ёшга тўлганидан сўнг унинг фикрини эътиборга олишади. Ҳолбуки Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда болани фикрини эътиборга олиш ёши белгилаб қўйилмаган. Судлар мазкур тоифадаги ишларни кўришда бола ўз нуқтаи назарини асослаш ва уни эркин ифода этиш қобилиятига эга ёки эга эмаслигига қаратиши керак. Бунда боланинг ёшидан қатъий назар бола билан педагог-психолог мутахассис иштирокида болани фикрини эшитиш керак.
Шунингдек судлар боланинг фикрини инобатга олиш билан биргаликда боланинг опа-синглиси ёки ака-укасига боғланиб қолганлигини текшириши, ота-онадан қайси бири болани вояга етиши учун малакали ва қобилиятли эканлигига, бола учун шу ота ёки она томонидан тарбияланиши унинг манфаатларига мос келишини эътиборга олиши лозим.
Судларимиз томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда ҳалигача камчиликларга йўл қўйилаётганлиги сабабли уларнинг фойдаланиши учун болаларни тарбиясига олиш ва уларни яшаш жойини белгилаш билан боғлиқ низоларни кўришда нималарга эътибор бериш тўғрисида тавсиялар ва ўқув қўлланмалари ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда мамлакатимизда болани тарбиясига олиш билан боғлиқ низоларни судда кўришга доир масала яхлит тарзда мустақил тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Шу сабабли мазкур муаммони халқаро тажриба ва миллий қонунларимиз асосида ҳар томонлама ўрганиш, уни илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ қилиш, низоларни фуқаролик судларида кўришнинг моддий ва процессуал-ҳуқуқий хусусиятларини фуқаролик процессуал ҳуқуқи нуқтаи назаридан очиб берилиши тақозо этилади.
А.А.Касимов,
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси.