Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Farg'ona shahar hokimining BILDIRISHI
2019-10-29 14:59:34 1640
Интернет ва ижтимоий тармоқларда Юлий Юсуповнинг “Беспредел местных властей – главная угроза для будущего Узбекистана” сарлавҳали мақоласи эълон қилиниб, унда “Фарғона шаҳар ҳокимлиги “Constant Trading” қўшма корхонасининг мулки - собиқ ипак йигириш корхонасини тортиб олди”, дейилади.
Шу муносабат билан Фарғона шаҳар ҳокимлиги қуйидагиларни билдиради.
Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчаси 139-уйда жойлашган собиқ ипак йигириш комбинатига қарашли бўлган умумий ер майдони 6,24 га, бино-иншоотлар 13000 квадрат метрдан иборатдир.
Объектнинг ўша даврдаги мулкдори бўлган “Силвер силк” МЧЖга объектни белгиланган муддатда ишга тушириш бўйича лойиҳа жадвали тақдим этиш, акс ҳолда ер майдонлари ва бино-иншоотларга нисбатан “таъсирчан солиқ механизми” қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилган.
2018 йил июн ойида ушбу объектни Тошкент шаҳридаги “Constant Trading” қўшма корхонаси сотиб олган. Аслида ҳар икки корхона бир мулкдорга тегишли экани хақида маълумотлар мавжуд. Янги мулкдор, яъни “Constant Trading” қўшма корхонаси раҳбарияти мазкур бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш ва умумий қиймати 10,0 млн. АҚШ доллари бўлган “жинси матосидан тайёр махсулотлар ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича маҳаллий бошқарув органларига тармоқ жадвали тақдим этган. Айнан шу сабабли корхонага таъсирчан солиқ механизми қўлланилмаган.
Бироқ, “Constant Trading” қўшма корхонаси томонидан мазкур объектга тармоқ жадвалида белгиланган инвестиция маблағлари киритилмади. Натижада, 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3928-сонли қарорига асосан “Constant Trading” қўшма корхонасининг ер мулкига нисбатан “таъсирчан солиқ механизми” қўлланилган.
Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан объектни жонлантириш бўйича қилинган чора-тадбирларга қарамасдан мулкдор “Constant Trading” қўшма корхонаси етарлича ҳаракатлар амалга оширмади. Шу сабабли, мулкни давлат эгалигига қайтариш бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан маъмурий судга даъво аризаси киритилди.
Фарғона шаҳар Маъмурий судининг 2019 йил 18 июл кунги қарори ва кейинроқ, Фарғона вилояти Маъмурий суди аппеляция инстанциясининг 2019 йил 29 август кунги қарорларига асосан ушбу объект Давлат эгалигига қайтарилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида жорий йилнинг 23 август куни “Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этишда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар” юзасидан ўтказилган 53-сонли йиғилиш баёнидаги қарор 2019 йил 9 сентябр куни 05-05/1-1862-сонли рақам билан тасдиқланган бўлиб, унда ҳам мазкур объектни Фарғона шаҳар ҳокимлиги балансига олиш чораларини кўриш белгиланган.
Юқоридагиларга асосан, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2019 йил 19 сентябр кунги 965-сонли қарорига асосан ушбу объект шаҳар заҳирасига олинди.
Фарғона шаҳар ҳокимлиги мақола муаллифи Юлий Юсуповга собиқ ипак йигириш корхонаси биноси суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида заҳирага олингани, жавобгар “Constant Trading” қўшма корхонаси мулкий низо юзасидан юқори суд босқичига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалигини билдиради.