Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВ ФАРҒОНА ШАҲРИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР БИЛАН ТАНИШДИ.
2021-03-25 10:10:58 1425
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университетига бориб, олийгоҳ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни кўздан кечирди. Мулоқот давомида олий таълим муассасаси стадиони бугунги кун талабларига тўла жавоб бермаслиги маълум бўлди. Уни қайтадан реконструкция қилиш, замонавий кўринишга келтириш ҳамда талабаларга спорт билан шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан масъуллар иштирокида келишиб олинди.
Кейинги манзилда шаҳарнинг Университет кўчасидаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактаби фаолияти билан боғлиқ масала кўрилди. Сабаби ушбу муассаса биноларидан ҳозирда ихтисослаштирилган мақом мактаб-интернати ҳам фойдаланмоқда. Икки таълим масканининг бир жойда бўлиши бир қатор ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Вилоят ҳокими 4-сонли мусиқа ва санъат мактаби жамоасини шаҳарнинг Додхоҳ кўчасидаги 1-сонли мусиқа ва санъат мактабига кўчишириш юзасидан топшириқ берди.
Юксалиш ва Сайлгоҳ кўчалари кесишмасидан шаҳардаги истироҳат боғига кириш йўлаги бор. Вилоят ҳокимининг ўрганиши шу ерда давом этди. Хайрулло Бозоров, шаҳар ҳокимига йўлакни кенгайтириш, рамзий дарвоза қўйиш, уни кўркам қиёфага келтириш бўйича тавсия ва кўрсатмаларини айтиб ўтди.
Вилоят ҳокими 17 гектардан зиёд ҳудудни эгаллаган Аҳмад Фарғоний номидаги истироҳат боғида ҳам пиёда юриб, шаҳар секторлари ва боғ маъмурияти раҳбарларига манзарали дарахтларни ва гулларни янада кўпайтириш, фаввораларни ишлатиш, атрофни ободонлаштириш, одамлар дам олишлари учун боғ ичидаги ўриндиқларни сифатли таъмирлаш каби масалаларда топшириқлар берди. Истироҳат боғи ёнидаги Каштанзор кўчаси кўринишини тубдан янгилаш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Вилоят ҳокими президентимизнинг Фарғона вилоятига ташрифидан сўнг катта ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари бошланган “Шодиёна” МФЙ даги бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш жараёнлари билан ҳам танишди. Шаҳар ҳокими ва тегишли мутасаддиларга олиб борилаётган ишларни эса тез ва сифатли якунлаш зарурлигини яна бир таъкидлади.