Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
РИВОЖЛАНАЁТГАН ФАРҒОНА: ИНВЕСТИЦИЯ ИҚТИСОДИЁТНИНГ ЕТАКЧИ КУЧИ
2020-08-28 13:57:13 1267
Саломатлик – яшаш учун энг муҳим омил эканлигини бугунги пандемия даврида барчамиз теранроқ англаб етдик.
Дарҳақиқат мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан ҳудудлар аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, уларни замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар билан жиҳозлашга кўмаклашиш мақсадида хусусий тиббиёт клиникаларини молиялаштириш давом этмоқда.
Ана шундай тиббиёт мажмуаларидан бири Фарғона шаҳрида жойлашган “А-Doctor-A” клиникасидир. Ушбу тиббиёт маскани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида назарда тутилган Фарғонашаҳрида cоғломлаштириш марказлари фаолиятини ташкил этиш инвестиция лойиҳаларидан бири сифатида қад ростлади.
Клиниканинг бунёд этилишидаги лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 1,5 миллиард сўм молиявий ёрдам банк томонидан ажратилган кредит хиссасига тўғри келади.
2020 йилнинг апрел ойидан фаолиятини бошлаган ушбу муассасада 30 нафардан зиёд янги ишчи ўрни яратилган. Инсон ҳаётига хавф солувчи турли асаб ва бўғим касалликларини аниқлаб, даволанаётган ушбу масканга ҳар куни 100 нафардан ортиқ беморларга тўғри ташхис қўйилиб, ўз вақтида муолажа бошланади.
Марказга замонавий УЗИ, ЭКГ, ЭХО аппаратлари Хитой ва Россия давлатларидан келтирилган бўлиб, улар орқали бош мия қон томирлари, буқоқ ва бошқа қўшимча касалликлар аниқланади.
Мазкур клиниканинг ўзига хослиги шундаки, муолажа жараёнида асаб касалликларини келтириб чиқарувчи қўшимча касалликлар ҳам аниқланиб, бир вақтнинг ўзида умумий даво муолажалари қўлланилади. Марказда невролог, гастрентолог, кардиолог, ревматолог, эндокринолог сингари шифокорлар кўригидан ўтиш мумкин.
“А-Doctor-A” клиникаси бош шифокори Аслиддин Полвоновнинг айтишича, келгуси режалар катта. Клиника яқинида 4 қаватли қўшимча бино қурилиши бошланган. Янги бино тўлиқ фойдаланишга топширилса, 1-2 қаватларда амбулатор муолажалари ҳамда бир вақтнинг ўзида кўплаб беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга кенг тармоқли поликлиника пайдо бўлади. Бунда “Асака” банкнинг молиявий кўмагидан фойдаланиш ният қилинмоқда.
Шаҳримизда қўшма корхоналар сони кўпаймоқда
Жамиятимизда фаол бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорларга ғов бўлиб келган барча тўсиқларни бартараф этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш натижасида сўнгги пайтларда қўшма корхоналар сони сезилари даражада ошмоқда.
Хусусан, 2019 йил 8-февралида "Farg'onaazot" АЖда йилигa 7,8 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга полиетилен девор қоғоз ишлаб чиқарадиган "Winchemical LLC" янги қўшма корхонаси ишга туширилди. “Winchemical” Корея-Ўзбекистонқўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 25 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси кимё саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ барпо этилган бўлиб, уларнинг таъсисчилари 51 фоиз улушда Жанубий Кореянинг "Winhousing International" компанияси, 49 фоиз улушда "Ўзкимёсаноат" АЖ етакчи давлат корхоналаридан бири ҳисобланган “Farg'onaazot” акциядорлик жамиятидир.
Қўшма корхона лойиҳасининг умумий қиймати 3,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Ҳудудининг умумий майдони: 6,4 гектарни ташкил этадиган корхонада қарийб 5543 м2 ер майдони ишлаб чиқариш объектларига тўғри келади.
Бу ерда ишловчи ўттиз нафар ишчи-ходимларнинг асосий фаолияти ўзаро боғланган полиетилен кўпик асосида замонавий фон расми, матлар ва кенг изоляция материаллари ишлаб чиқаришдир.
Бугунги кунда корхона маҳсулотлари маҳаллий бозор ҳамда қўшни республикалар – Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия Федерацияси бозорларида кенг намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, энергия тежайдиган уйлар қуриш давлат дастури қабул қилинганлиги муносабати билан корхона иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари етказиб берувчилар рўйхатига киритилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда бундай инновацион энергиянинг самарадор материаллари Жанубий Кореянинг замонавий технологиялар ва тажрибасига асосланганлиги компания маҳсулотлари юртимизда мактабгача таълим вазирлиги кўмагида янги болалар боғчалари қурилишида кенг жорий этилмоқда.
Кўплаб хусусий, корпоратив ва давлат буюртмачиларининг кўшма корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларна талаби катта.
Яна бир муҳим жиҳат – ушбу корхона Ўрта Осиё ва МДҲ давлатлари орасида ўзаро боғланган полиетилен (cросс линкед фоам) асосидаги замонавий девор қоғози ва изоляцион материалларнинг ягона ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Шаҳримизда кимё соҳасининг барқарор ривожланиши маҳсули сифатида фаолият олиб бораётган "Winchemical LLC" қўшма корхонаси сифатли ва харидоргир маҳсулотларини ишлаб чиқариши билан оз фурсатларда катта натижаларга эришганлиги, корхонанинг келажаги янада порлоқ бўлишидан далолат беради.
Халқаро университет – хорижий инвестиция
Фарғона шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистон- Корея халқаро университети давлатимиз раҳбарининг халқаро майдонда илгари сурган илму маърифат йўлидаги эзгу ташаббусининг ёрқин намунасидир. Аниқроқ айтганда, Юртбошимиз билдирган катта ишонч ва имконият эвазига шаҳримизга инвесторлар оқимининг жалб этилганлигидир.
Ўзбекистон – Корея халқаро университети ўз навбатида фарғоналик ёшларнинг орзулари йўлида эришган муваффақиятларидан биридир, десак ҳам асло муболаға эмас. Сабаби таълим даргоҳидаги барча дарслар замонавий педагогик технологиялар ёрдамида ўқитишнинг энг илғор усулларида олиб борилиши чет мамлакатларида таълим олишни истовчи ёшалр учун айни муддао бўлди.
Ўтган йили университетнинг 7 та факультетига 720 нафар талаба қабул қилинган бўлса, ушбу ўқув йилида 11 та факультетга 1040 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилмоқда.
Паррандачиликда истиқболли режалар
Паррандачилик билан шуғулланиш ўзбек халқига хос бўлган азалий касб ҳисобланади. Ота-боболармиз уйингда парранда боқсанг, етти хазинадан бирига эга чиқасан, деб бежизга таъкидламаган.
Дарҳақиқат, ҳеч бўлмаганда уйида 5-6 бош товуқ боққан инсон оч қолмайди, рўзғорида кунлик егулиги тайин бўлади. Паррандачилик ана шундай серфойда, сердаромад соҳа. Давлатимиз томонидан тармоқни ривожлантириш, соҳага илм-фан ютуқларини жорий этиш, ишлаб чиқаришга инновацион ёндашишга устувор эътибор қаратилмоқда.
Фарғона шаҳрида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида фаолият юритиб келаётган “Фергана Агро Юнит” масъулияти чекланган жамиятида ҳамиша иш қизғин. Чунки, шаҳримиз аҳолиси қолаверса, бутун водийни сифатли ва ҳамёнбоп тухум маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, жамиятнинг кундалик юмушидир. Бозорлармизда рўзғор учун энг керакли бўлган ушбу маҳсулотда ҳеч қандай тақчиллик бўлмаслигида бугун паррандачилик фирмасида тинмай меҳнат қилаётган 68 нафар ишчининг ҳиссаси катта.
“Мазкур товуқчилик комплексини қуриш лойиҳаси Президентмизнинг Фарғона вилоятига қилган ташрифлари чоғида тақдим қилинган, шу асосда 2018 йилдаги инвестиция дастурига мувофиқ 2 миллион долларлик инвестиция киритилган. Қўшма корхонани ташкил қилишдан кўзда тутилган асосий мақсадимиз аҳолини иш билан таъминлаш, ички бозорга паррандачилик маҳсулотлари етказиб бериш ва келажакда экспорт қилишдир– дейди “Фергана Агро Юнит” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ахроржон Умаров.
2019 йилнинг 1 чорагида тўлиқ ишга тушган мазкур паррандачилик фирмасида товуқ боқиш учун мўлжалланган блоклар жаҳон стандартларига мос, керакли жиҳозларнинг барчаси Туркия давлатидан келтириб ўрнатилган.
Мавжуд инновацион технологиялар ёрдамида наслдор 280 минг бош товуқ, 180 минг жўжа парвариш қилинмоқда.
Келгусида вилоятимизнинг ишчи кучига талаб энг юқори бўлган Фурқат, хусусан Ёзёвон туманида гўшт йўналишида 1 миллион бош бройлер етиштириш мақсад қилинган. Натижада 300 нафар қўшимча иш ўрни яратилиб, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш прогноз қилинмоқда. Асосийси, ишлаб чиқаришга янги техника - технологияларни жорий этиш, имтиёз ва имкониятдан самарали фойдаланиш “Фергана Агро Юнит” масъулияти чекланган жамиятининг келгусидаги энг муҳим вазифаларидан.
Муаттар МАҲМУДОВА.