Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг сессияси
2020-08-07 22:10:19 1040
6 август куни халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг сессияси ўтказилди.
Сессия ишини Фарғона шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгаши раиси олиб борди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавирус пандемияси кириб келиши муносабати билан эълон қилинган карантин тадбирлари давомида аҳолини, хусусан, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектлари ва аҳолинининг кенг қатламини қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар доирасида Президентимизнинг бир қатор Қарор ва Фармонлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш ишлари доирасида Фарғона шаҳрида истиқомат қилаётган аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий воситалар, пул маблағлари тарқатилди.
Хусусан, сессия ишида таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий-ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини модиий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар»)га киритилган 3 250 нафар аҳолининг ҳар бирига 1 000 000 (бир миллион) сўмдан жами 3 млрд. 250 млн сўм маблағ тарқатилди.
Шунингдек, ушбу Фармон асосида муборак “Қурбон ҳайити” муносабати “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида шаҳарда истиқомат қилаётган 586 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар, якка ёлғиз қарияларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокими ташаббуси билан вилоятда, хусусан шаҳримизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон ва афғон уруши қатнашчилари, фронт орти қатнашчилари, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, давлат мукофоти билан тақдирланган фахрийлар, чин етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилалар вакилларига жами 870 та қути коронавирусга қарши профилактик дори-дармон ва тиббий воситалар етказиб берилди.
Шунингдек, Фарғона шаҳридаги 4 та сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра Фарғона шаҳар ҳудуди бўйича жами 2 298 нафар фуқаролар моддий аҳволи яхшиланганлиги сабабли ўз розилиги билан “Темир дафтар”дан чиқарилиши муҳокама қилинди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Шаҳардаги “Фарғона”, “Баҳор”, “Наврўз”, “Лолазор”, “А.Қодирий”, “Афросиёб”, “Ҳамкорлик”, “Табассум”, “Қиргули”, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари томонидан пандемия даврида муҳим топшириқ ва вазифаларини аҳолига тушунтиришда эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлаётганликлари оқибатида аҳоли ўртасида ҳақли эътирозларга сабаб бўлган. Шунингдек, секторлар томонидан берилган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминламаётганлиги, бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан ўзига юкланган вазифаларни лозим даражада бажармаганликларини ҳамда сектор раҳбарлари хулосаларини инобатга олиб, мазкур МФЙ раисларини лавозимидан озод қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Пандемия даврида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кескин камайишини олдини олиш, муҳтож оилаларни моддий-қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чораларни амалга ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг тизимли ва давомли бўлиши учун шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги мутасадди ташкилотлар томонидан барча зарур чоралар кўрилиши белгиланди.
Сессия кун тартибидаги масалалар муҳокамасидан сўнг халқ депутатлари Фарғона шаҳар кенгашининг қарори қабул қилинди.
Сессияда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи С.Аминжонов иштирок этди ва сўзга чиқди.