Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Фарғонада озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил ёки қиммат бўлишига йўл қўйилмайди
2020-03-30 20:51:55 1251
Бугун Фарғона шаҳрида барча улгуржи ва чакана деҳқон бозорлари, озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи супермаркет ва дўконлар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Карантин пайтида ҳам уларнинг фаолиятига ҳеч қандай чекловлар жорий қилинмаган. Мазкур савдо нуқталаридан фойдаланувчи аҳоли вакилларидан ўзаро масофа сақлаган ҳолда ўзларини эҳтиёт қилиб харид қилишлари илтимос қилинмоқда.
Фарғона шаҳри бозорлари учун шаҳар ҳудуди ва атроф туманларда озиқ-овқат етказиб бериш учун юздан зиёд корхона ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугунги кунда ушбу корхоналар аҳолимизга сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш билан ўз вақтида чекловларсиз ишламоқда.
Айниқса, карантин бошланган даврдан буён аҳолининг асосий истеъмол маҳсулотларидан ҳисобланган – ун, ёғ, картошка, сабзи, пиёз, макарон, гуруч, гўшт каби маҳсулотлар ҳар доимгидан арзон нархда савдога чиқарилган. Ушбу ҳолат Фарғона шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, солиқ ва ички ишлар органлари томонидан қатъий назоратга олинган. Карантин вақтида асоссиз ва мўмай даромад илинжида ҳаракат қилаётган “тадбиркор”ларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликлари учун кундалик ўрганишлар олиб бориляпти.
Кейинги вақтларда кўплаб бозорларда, шу жумладан, Фарғона шаҳридаги деҳқон бозорида ҳам картошка нархининг ошиб кетганлиги тўғрисида ҳар хил нотўғри ва бир томонлама хабарлар тарқатилмоқда. Аҳоли ўртасида ваҳимага сабаб бўлувчи бундай нохолис фикрлар урчишига сабабчи бўлаётган корчаллон фуқароларнинг ушбу хатти-ҳаракатларига албатта, ҳуқуқий баҳо берилади.
29 март куни шаҳар бозорларига 70 тонна картошка келтирилган бўлса, 31 март куни яна 100 тонна олиб келиш режалаштирилган. Шундай экан, фуқароларимиздан шуни илтимос қиламизки, ҳар хил гап-сўзлар ортидан қувмасдан, сабр-тоқат билан карантин даврини ўз хонадонларимизда ўтказайлик ва бутун дунёга хавф солаётган инфекциянинг юртимизда кенг қулоч ёйишига сабабчи бўлиб қолмайлик.
Фарғона шаҳар деҳқон бозорларида асосий истеъмол маҳсулотларини уйгача етказиб бериш хизматлари ҳам йўлга қўйилган. Бугунги рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари даврида бемалол ушбу хизматлардан фойдалансак, ўзимиз учун фойдадан холи бўлмайди.
Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлайди ёки тақчиллик бўлиши мумкин, деган хавотирга асло ўрин йўқ.
Ўзингизни эҳтиёт қилинг ва уйда қолинг.