Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Yanvar 2025 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 7 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
МЕРОС
МАДАНИЙ МЕРОС
Фарғона вилоят ҳокимлиги

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг баёноти

 2020-01-08 22:33:32    1695

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 147-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳрида ташкил этилган танлов савдоларини ўтказиш комиссиясининг
2014 йил 15 июлдаги баённомасига асосан “Star Line Group” МЧЖ танлов ғолиби деб топилган.
Шундан келиб чиқиб, 2015 йил 15 июлда Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Star Line Group” МЧЖ ўртасида Аҳмад Фарғоний кўчаси ҳамда Баҳор кўчалари кесишмасидаги ер майдонида меҳмонхона комплекси қуриш бўйича шартнома тузилган ва тегишли ер майдони ажратиб берилган (шаҳар ҳокимлигининг 2014 йил 19 сентябрдаги 1048-сон қарори).
Корхона эса 1,5 йил давомида меҳмонхона қуриш ишларини тугатиш, 50 та иш ўрни яратиш ҳамда 4,5 миллиард сўм инвестиция киритиш мажбуриятини олган.
“Star Line Group” МЧЖ ушбу мажбуриятларини билиб туриб, белгиланган муддатда, яъни 2016 йил 31 декабрга қадар бўлган давргача қурилиш ишларини якунламай, 2016 йил 12 октябрда меҳмонхонани “All Metall Gold” МЧЖга ўзаро олти-сотди шартномасига мувофиқ, сотиб юборган. “Star Line Group” МЧЖ бу билан гўёки шартнома мажбуриятларини бажаришни ўз зиммасидан соқит қилган.
“All Metall Gold” МЧЖ эса шартнома улар билан тузилмаганлиги ва ундаги шартларни бажармасликни билдирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3217-сон қарори 1-иловасининг 47-бандида ҳам “All Metall Gold” МЧЖ томонидан 2018 йилнинг сентябрь ойида меҳмонхонани фойдаланишга топшириш вазифаси юкланган. “Star Line Group” МЧЖнинг мажбурияти эмас, Президент қарори билан ўзига юкланган вазифани бажариш муддати ўтганига ҳам 1,5 йил бўлди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 184-моддасида, мол-мулк янги мулкдорга ўтганда, универсал ҳуқуқий ворислик тартибида собиқ мулкдорнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам унга ўтади, деб белгилаб қўйилган.
Фарғона шаҳар ҳокимлиги “All Metall Gold” МЧЖни ўз мажбуриятларини бажариши лозимлиги ва акс ҳолда ер майдони қайтариб олинишини билдириб, расман огоҳлантирган.
Корхона томонидан белгиланган муддатдан қарийб 4 баробар кўп вақт ўтган бўлсада, меҳмонхона қуриб ишга туширилмади, тегишли солиқ тушумлари бажарилмади ва энг муҳими, янги иш ўринлари яратилмади.
Шуни инобатга олган ҳолда, шаҳар ҳокимлиги корхона ўз мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан шартномани бир томонлама бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилган.
Ушбу жараён ҳозир суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолат юзасидан турли бир томонлама фикрлар билдирилмоқда. Шуни айтишимиз мумкинки, Фарғона шаҳар ҳокимлиги тадбиркордан бинони ёки ер майдони тортиб олиб, уларга зарар етказишга эмас, шартномада кўрсатиб ўтилган ўз ҳуқуқини қонунан бажарилиши тарафдори. Ва шуни суд орқали талаб қилмоқда. Зеро, мазкур ер майдонининг қарийб 6 йилдан буён мақсадсиз ва самарасиз туриши шаҳар иқтисодиётига кўп томонлама зарар келтиряпти. Агар ушбу меҳмонхона ўз вақтида қуриб битказилганда эди...