Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЯНГИЧА ФИКРЛАШ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ СИФАТИДА
2024-09-08 13:18:38 6487
Халқимиз асрлар давомида озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт орзусида яшаб келди. Бу ғоя халқимизни ўз мустақиллигидан жудо бўлган даврларда ҳам тарк этмади. Бугунги кунда Ўзбекистон халқининг миллий тараққиёт йўлидаги асосий мақсади — озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш бўлиб, бу ғоя миллатимизнинг азалий орзу-умидларини, интилишларини, бунёдкорлик фаолиятининг маъно-мазмунини ифодалайди.
“Биз ўз олдимизга Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация орқали эриша оламиз. Бунинг учун, аввало, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаол, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим”[1].
Муҳтарам юртбошимиз мазкур сатрлар орқали мамлакатимизни жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш ғоясини стратегик мақсад сифатида эътироф этдилар. Ушбу ғоя халқимизнинг ижтимоий-сиёсий хаётида ўзига хос ўрин эгаллаши учун кенг жамоатчиликни янгича фикрлашга ўргатиш, замоанавий илм-фан ютуқларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва албатта ёшларимизни келажакка бўлган ишончини оширишга қаратилди.
Мустақиллик улуғ неъмат. Мамлакатимиз ўзининг илк мустақилликка эришган йилларидан бошлаб халқимизнинг ижтимоий ҳаётини тубдан ўзгартиришга, инсон капитали омилини шаклантиришга, мулкдорлар синфи ва шу ўринда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини яратишга катта эътибор қаратган эди. Ортирилган бой тажриба, халқимизнинг меҳнати ва албатта мустақилликнинг моҳиятини тушунган ҳолда амалга оширган ислоҳотларимиз бугун ўз натижаларини кўрсатмоқда. Таъкидлаш лозимки, Бугунги кунда халқимизни янада фаол бўлишида, янги ташаббусларни илгари суришида Янги Ўзбекистоннинг феномени[2] яратилди. Мамлакатимиз раҳбари алоҳида урғу бериб ўтганларидек, “...ушбу тушунча мамлакатимизнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, юртимизда демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотларимизнинг таянч ғоясини ифода этади”[3].
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Каримов ўзининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли китобида машъум шўролар даврида юз берган адолатсизликлар ва унинг аянчли асоратларни чуқур таҳлил қилиб шундай хулоса қилган эди. “Хўш, бу сабоқларнинг моҳияти нимада? Аввало шундаки, маҳаллий партия, совет органлари, жамоат ташкилотлари халқдан, унинг дарди ва эҳтиёжларидан ажралиб, вазиятни назорат қилиш, воқеаларни олдиндан билиш ва уларни бошқариш қобилиятидан маҳрум бўлиб қолган эдилар”[4].
Бугун жаҳон давлатлари қаторида бизнинг мамлакатимиз фуқаролари ҳам ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб ҳокимият идораларини шакллантиришда, давлат аҳамиятига молик қарорлар қабул қилиш ва уларни ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатишда, давлат ички ва ташқи сиёсий йўлини такомиллаштиришга доир қонунларга таклиф ва тавсиялар беришда тўлиқ эркинликни ҳис қилмоқдалар. Бунда юртимизда фаолият олиб бораётган давлат идора ва ташкилотлари қаторида нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳам халқимизнинг ижтимоий ҳаётини ўзгартиришга, сиёсий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқдалар.
O’zLiDePнинг дастур ва ғоялари халқимизнинг ижтимоий онгини оширишга, халқнинг янгича фикрлаши ва дунёқараши ортишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга мувофақ бўлди. Яқин ўтмишимизга назар солсак, кечаги жамиятда яъни шўро ҳукумати даврида бу фаолликни фақат тегишли ташкилотлар ўз зиммаларига олиб, тайёр таклифларни фуқаролар номига расмийлаштириб борар эдилар холос. Бундай шароитда давлат фақат ўз манфаатларидан келиб чиқиб сиёсат юргизишини табиий бир ҳол сифатида тушуниш мумкин бўлган.
2024 йил бўлиб ўтадиган парламент сайловларига O’zLiDeP ўзининг мутлақо янги стратегияси билан кириб келаётганлигини кузатмоқдамиз. Сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегия дорасида ЎзЛиДеП халқимиз орасида янада фаолроқ бўлишни, уйма-уй юриб, миллионлаб хонадонга кириб боришни, мустақиллигимизнинг моҳияти ва бунда хусусий мулкнинг аҳамиятини тушунтиришни, ҳар бир оила ўзига хос мулкдор эканлигини шунингдек, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини олишни мақсад қилиб қўйганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Яқин ўтмишимизга назар солсак, жамиятда янгича фикрлашга ўтиш жараёнлари аввало, сиёсий тизимни ислоҳ қилиш, янги ҳуқуқий фуқаролик жамияти қурилишида бош ислоҳотчилик ролини бажара оладиган демократик давлатни шакллантириш вазифалари билан бевосита боғлиқ бўлганлигини кузатамиз. Бундай янги типдаги ҳуқуқий давлат қуриш асослари Мустақил Ўзбекистоннинг 1992 йили 8 декабр куни қабул қилинган Конституциясида, илғор демократик тамойилларга асосланган янги сиёсий тизими ва унинг ҳуқуқий асослари тўлиқ баён этилган.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ жамиятда янгича фикрлашга ўтиш зарурати барча соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган биринчи даражали жараён сифатида эътиборга олинди. Халқимизнинг ижтимоий онгига меҳнатга бўлган муносабат ўзгариб меҳнатга янгича ёндашув ғоялари шакллана бошлади. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодиқ, маданий ва маърифий соҳаларда ҳам янги тажрибаларни қўллаш кенг жамоатчилик учун кун тартибидаги масалалар қаторига киритилди.
Бугунги кунга келиб Янги Ўзбекистон шароитида мазкур жараён янада такомиллаштирилиши, халқимизнинг ижтимоий онгини янада ривожлантириш борасида давлат дастурлари қабул қилинмоқда, ислоҳотлар амалда қўлланилмоқда. “Бу эзгу мақсадни ҳаётга тўлиқ тадбиқ этиш учун 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Уни амалга оширишда биз, авваломбор, фуқароларимиз билан мулоқот қилдик, бамаслахат иш тутдик, халқимизнинг ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳиятига таяндик”[5].
Ўтган қисқа давр саҳифаларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақиллигимиз арафасида ижтимоий онгда мажбуран ва омонат шакллантирилган сиёсийлаштирилган иқтисодиётдан воз кечиш йўлини дадиллик билан танлаган эди. Бу йўл ҳақида ўзининг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” номли асарида атрофлича тўхталиб “халқ манфаатлари жавоб берувчи мустақил иқтисодий сиёсат – Ўзбекистонни мустақил ривожлантиришнинг ажралмас шарти” эканлигини кўрсатиб берган эди[6].
Демократик давлатда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари кафолатлари аввало, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни яратилиши, шахсни мулкий ҳуқуқларини амалда таъминланиши билан белгиланади. Мулкий ҳуқуқни таъминламасдан туриб сиёсий онгда туб бурилиш қилиш, янгича фикрлашга ўтиш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. ЎзЛиДеП фракцияси ташаббуси билан тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни қўллаб-қувватлаш жараёнларини ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга, шунингдек, президент Фармонлари, Қарорлари қабул қилинишига ташаббуслар кўрсатилмоқда.
Ҳусусан: “O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik sub’ektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish bo‘yicha vakil to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuni, “Bank siri to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi qonuni, “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari to‘g‘risida”gi O‘zbekiston Respublikasi Qonuniga o‘zgartish va qo‘shimchalar kiritish to‘g‘risidagi Qonunлари шулар жумласидандир.
Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар самарали амалга оширилганлиги боис ҳозирга келиб меҳнатга яроқли аҳолининг қарайиб 80 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида фаолият кўрсатаётгани, уларнинг ҳар бири у ёки бу даражада ўзини хусусий мулкига эга эканлигини ўзи кишиларда иқтисодий тафаккурда янгича фикрлашга ўтганлигини аниқ кўрсатиб турибди.
Иқтисодиётни эркинлаштириш жараёнлари аввало, бошқарув тизимида фаолият кўрсатаётган раҳбар кадрларнинг эскича фикрлаш ва иш юритиш усулларидан қутилиш ҳамда янгича фикрлашда бошқаларга намуна бўлишни талаб этади. Аммо, эскича бошқарув тизимида катта имтиёзларга эга бўлиб келган раҳбарларнинг ўз мансаб мақомидан биргина қонун қабул қилиш ёки кучли назорат ўрнатиш йўли билан тартибга солиш амалда жуда қийин масала эканлиги ҳаммага бирдек аёндир. Энг муҳими, раҳбар кадрларнинг танлаган позицияси, дунёқараши ва иш усулининг ўзгариши нафақат уларни ўзлари учун катта аҳамият касб этади, шу билан бирга уларнинг қўл остида меҳнат фаолияти юритаётган оддий кишилар ижтимоий онгида юз бериши зарур бўлган янгича фикрлаш йўналишлари ва тенденцияларини белгилайди. Юртбошимиз томонидан бу масалаларни кескин қўйиши асло бежиз эмаслигини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Босиб ўтилган тарихий йиллар давомида раҳбар кадрларга қўйилган талаблар ва вазифалар бир зум ҳам эътибордан четда қолдирилмай келинмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва модернизациялаш жараёнларини самарали ташкил этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда раҳбарлик иш усулларини янгилаш, айрим элементлари сақланиб қолаётган бюрократик бошқарув методларидан қутилиш ҳамда иқтисодиётга давлат аралашувини қисқартириш каби долзарб масалалар бугун ҳам долзарб бўлиб турганлиги, бу борада давлатимиз сиёсати изчил давом этаётганлигини кўрсатади.
Ҳар қандай жамиятда бузғунчи ғояларга қарши курашиш шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам самарадорликка эришиш учун кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминланиши кутилган натижаларга олиб келиши мумкин. Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, турли йўналишларда фаолият олиб борувчи тадқиқот марказлари, турли уюшмалар ва жамиятлар аҳолини бирлаштиришда ва маълум бир фикр остида муҳокамалар ташкил этилишида ташкилотчи сифатида рол ўйнайди. Унинг натижалари юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда давлатнинг бошқарув тизимига, мансабдор шахсларига тақдим этилади ва тегишли ўрганиш ва таҳлиллар натижасида қарорлар қабул қилинишига ижобий таъсир кўрсатади.
Мазкур масала юзасидан O‘zLiDeP Siyosiy Kengashi Ijroiya qo‘mitasi томонидан “Biz ochiqlik va oshkoralikni tanlaymiz” shiori ostida коррупция қарши кураши, унинг салбий иллатларини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида очиқ мулоқотлар ўтказилди. O‘zLiDeP томонидан prezidentlikka nomzod Shavkat Mirziyoyevнинг Фарғона вилоятига ташриф буюриши ҳамда farg‘onalik saylovchilar bilan uchrashuvи chog‘ida korrupsiyaga qarshi kurashish масаласига алоҳида урғу бериб ўтган эдилар. “Men har biringizning ko‘zingizga qarab turibman, o‘zimga yarasha psixologman. Oldingidek hech kim sizlarni majburlab kirib qarsak chaldirmayapti. Men erta-yu kech bir narsani o‘ylayman — oyog‘im yerdan uzilmasin, atrofimdagilar meni aldamasin, vaziyatni o‘zim baholay”[7].
“Олим бўлма одам бўл”, “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган тўзар” каби ўзбек халқ мақоллари пурмаъно моҳиятга эга бўлиб аҳоли ҳусусан, ёшлар ўртасидаги аҳлоқий тарбияга катта эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатади. Бу ўринда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтирган ҳолда жамоатчилик ўртасидаги муҳокама мавзуларини ўрганиб бориш ўринлидир. Зеро, коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали йўли бу инсонларнинг юксак маънавиятли бўлишидир.
Партия ўз олдида турган янги лойиҳаларни амалга ошириш, халқимизнинг дунёқараши ва сиёсий маданиятини янада юксалтиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ, илмий соҳа мутахассислари билан ҳамкорлигини кучайтиришни мақсад қилиб олди. Фуқароларни турли долзарб мавзулардаги муҳокамаларда иштирок этишларини ташкил этиш ва оммалаштириш, бу борада Касаба уюшмалари, бошқа сиёсий партиялар, жамият ва уюшмалар ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари билан давлат идоралари ва мансабдор шахсларининг ўзаро ҳамкоролигини таъминлаш, қўшма мемарандумлар имзолашга эришилиши кутилмоқда.
Инсонда янгича фикрлашни шаклланишида иқтисодий ва маънавий тафаккурнинг ролини тенг даражада, бир хил ҳаётий эҳтиёж сифатида кўриш Ўзбекистон мустақиллик фалсафасининг янги ривожланиш йўли сифатида танлаб олинди. Чунки, мустақилликка эришиш дунёдаги барча давлатларда бўлгани каби бизда ҳам сиёсий ва маънавий маданиятни янгиланиши, миллий ўзликни англаниши, миллий маънавий ва умуминсоний қадриятларни ўзаро диалектик ривожлана бошлашига қулай шарт-шароитлар яратиб берди.
Маънавиятли инсонга эришишдан кўзланган бош сиёсий мақсад аввало ҳар бир инсоннинг мустақил равишда ўз ҳаёт йўлини тўғри топа билиши, ўз оиласининг бахтли ва саодатли бўлиши учун маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ижтимоий-сиёсий фаоллик кўрсатишига эришишдир. Шунингдек, ўзи мансуб бўлган халқ, миллат, ватан қадр-қимматини юксак кўтарадиган, шу замин, шу юрт шон-шарафи учун, ривожланиши ва юксалиши учун муносиб ҳисса қўшишга, уни турли ёт ғоявий ва мафкуравий хуружлардан ҳимоялашга ҳар доим тайёр янгича фикрлаш ва ҳаракатга қодир кишиларни тарбиялашдир. Фуқароларда шундай юксак маънавиятнинг шаклланиши янгича фикрлашда алоҳида ижтимоий-сиёсий феномен сифатида жамиятда демократик ўзгариш ва янгиланишларнинг асосий омилларидан бирига айланади.
[1] Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. - Тошкент: “Ўзбекистон” нашриёти, 2021. – 23-б.
[2] Fenomen (yun. phainomenon — sodir boʻluvchi) — 1) gʻayrioddiy, kamdankam boʻladigan hodisa, fakt; 2) histuygʻu tajribasi bilan payqaladigan hodisani anglatuvchi falsafiy tushuncha (bu maʼnoda oʻz mohiyati jihatdan intellektual mushohada predmetи sifatida namoyon boʻluvchi noumenning qaramaqarshisi). "F." atamasini Aristotel "koʻrinuvchi", "tuyuluvchi" maʼnosida ishlatgan. Leybnits esa bu soʻzni tajribadan maʼlum boʻlgan dalillarga nisbatan qoʻllagan. I. Kant F. tushunchasi yordamida mohiyatni hodisadan keskin ajratishga uringan va hodisani bilish mumkin, mohiyatni esa bilish mumkin emas deb hisoblagan
[3] Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. - Тошкент: “Ўзбекистон” нашриёти, 2021. – 26-б.
[4] Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Каримов.И. Ўзбекистон мустақиликка эришиш остонасида.-Т.: “Ўзбекистон”, 2011. – 179-б
[5] Мирзиёев Ш.М. Янги Ўзбекистон стратегияси. - Тошкент: “Ўзбекистон” нашриёти, 2021. – 45-б.
[6] И. Каримов. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Асарлар, 1-жилд. Т., “Ўзбекистон”, 1996, 59-бет
[7] https://www.gazeta.uz/oz/2021/09/28/corruption/