Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда секторлари раҳбарлари Фарғона шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишдилар
2023-12-25 10:12:12 2733
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда секторлари раҳбарлари Фарғона шаҳридаги “Шакарқишлоқ”, “Кимёгар” ҳамда “Машъал” маҳаллаларида кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан танишдилар.
"Шакарқишлоқ” МФЙдаги Тарона кўчасида 82 та кўп қаватли турар-жойларнинг ертўла қисмида ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув марказлари, чевархоналар ва бошқа йўналишларда тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган. Жорий йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, Book-cafe, футбол майдончаси ҳамда воркаут майдончалари барпо этилди.
Яқинда маҳаллада ўз фаолиятини бошлаган “Обод Тарона” бошқарув сервис компанияси томонидан ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида компанияга бириктирилган 20 та кўп қаватли уйлар ҳамда ёндош ҳудудлари тўлиқ камера назоратига олинган.
“Кимёгар” маҳалласида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 10 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экилди. Ободонлаштириш ишлари доирасида МФЙ ҳудудида 12 та кичик болалар ўйин майдончалари, 200 та кўча ўриндиқлари, дам олиш учун 50 та очиқ айвонлар, 12 та маросимлар ўтказиш айвони қурилди. Мазкур ишлар учун 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Бугун вилоят раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ҳамда секторлари раҳбарлари иштирокида “Кимёгар” маҳалласида яшовчи 10 нафар ҳамда Қиргули мавзесида яшовчи 20 нафар болажонларнинг хатна тўйлари ўтказиб берилди. Тўй болаларнинг ҳар бирига велосипед ҳамда бош-оёқ сарполар, Янги йил совғалари тақдим қилинди.
“Машъал” маҳалласида кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида ташкил этилган Микроорганик ўсимликларни етиштириш кооперацияси ҳамда маҳалла ҳудудида янги ташкил этилган пардачилик цехи фаолияти билан танишилди, кўп квартирали уйлар оралиғидаги бўш турган 1 гектар ер майдонида барпо этилган “Ёшлар эко боғи” кўздан кечирилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳри маҳаллаларида амалга оширилган ишларни юқори баҳолаб, “Яшил макон” дастури, ободонлаштириш бўйича топшириқлар, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатмалар ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан ижросини ўзида бирлаштирган бу жараёнларни барча шаҳар ва туманларда намунали ташкил этиш бўйича қатъий кўрсатмалар берди.
Вилоят раҳбари шаҳар ва туманларда кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда болалар ва спорт майдончаларини кўпайтириш, кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали иш ўринларини кўпайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратди.