Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“ЯШИЛ МАКОН” ЛОЙИҲАСИНИНГ КУЗГИ МАВСУМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!
2023-10-18 17:37:47 2656
Фарғона шаҳар маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг шаҳар аҳолисига
МУРОЖААТИ
Азиз Фарғоналиклар!!
Бугун юртимиз, жонажон ватанимиз, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сизларга мурожаат билан чиқмоқдамиз. Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинган.
Албатта, Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътиборлари ҳамда ташаббуслари билан мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. “Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак” деган ғояни илгари сурган Давлатимиз раҳбари, табиатга эътибор беришни, бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш олиб боришни, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялашни таъкидлаб келмоқдалар.
Икки йил аввал юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги сайъ-ҳаракатларимизнинг катта бўлагидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида шаҳримиз бўйлаб жами 414 минг. донадан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилган бўлса, куз мавсумида 30 турдаги 137 минг. дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган. Азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган, бир туп дарахт кесса ўн туп эккан халқимиз номидан барча фарғоналикларни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга, бу умуммиллий ҳаракатнинг натижасини ҳар бир маҳаллада кўрсатиб, ҳавас билан бу савобли ишда иштирок этишга чақирамиз. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик билан ҳаракат қилсак, энг аввало Президентимиз бошлаган эзгу ташаббусни вилоятимизда Республикамиз ҳудудлари орасида энг намунали қилиб бажарамиз, қолаверса, юртимизнинг экологик тозалигига, яшиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз. Бунда барча даражадаги раҳбарларни, маҳалла фаолларини, жамоат арбобларини, нуронийларни, санъаткор ва спортчиларни, журналист ва блогерларни алоҳида ўрнак кўрсатишга чорлаб қоламиз.
Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!
Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир.
Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.Шахримиз нуронийларидан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта. Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига кўчат экса, шаҳримиз бўйлаб яшил майдонлар сони салмоқли ошади.Фермерларимиз “Бир дала–бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!
Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир. Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига Фарғона ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди. Шундай экан, шаҳримизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик! Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз. Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир. Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз– бу ота-онангиз, маҳаллангиз, Фарғонамиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.Қадрли фарғоналиклар!Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!
Яшил ҳудудлар инсониятга ижобий таъсир кўрсатади. Ўлкада яшил олам қанчалик катта ҳудудни эгалласа, шунча осмонимиз мусаффо бўлади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давомида фаол иштирок этиб, манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экишни унутманг!