Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Махсус қабулхонада мониторинг олиб борилди
2023-09-14 06:05:16 1412
Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ махсус қабулхонасида мониторинг ташрифи амалга оширилиб, у ерда сақланаётган шахсларнинг шароитлари билан танишилди. Махсус қабулхона жами 139 нафар хуқуқбузарни сақлашга мўлжалланган бўлсада, ҳозирда махсус қабулхонада 215 нафар хуқуқбузарлар сақланаётгани аниқланди.
Мониторинг ташрифида махсус қабулхонада сақланаётган 3 нафар шахслар билан яккама-якка, 28 нафар шахслар билан эса оммавий сухбатлар ўтказилди. Сухбат давомида махсус қабулхонадаги шароитлардан ва озиқ-овқат таъминотидан шикоятлари йўқлиги, уларга нисбатан ноқонуний харакатлар ёки қийноқлар бўлмаганлигини билдиришди.
Жумладан, хуқуқбузарлар А.И, Я.Т ва О.Млар билан яккама-якка сухбат ўтказилганида вояга етмаган фарзандлари учун 2 ойдан ортиқ муддат давомида алимент тўламаганликлари учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддасига биноан маъмурий қамоқ жазоси ўтаётганликлари, ҳозирда ўзларига тегишли хулоса чиқарган холда алимент тўлов пулларини тўламоқчи эканликларини маълум қилишди.
Муассасада сақланаётган фуқаро Н.З. эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддаси асосида 5 кунлик қамоқ жазосини ўтаётгани, озиқ-овқат ва сақланиши бўйича эътирозлари йўқлигини маълум қилди. Махсус қабулхонада яратилган шароитлардан хеч қандай шикоятлари йўқлиги, сайрга чиқиш, телефон сўзлашувларидан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиб келаётганликларини билдирдилар.
Шу билан бирга айрим камчиликлар хам аниқланди. Муассасадаги сақланаётганлар учун сайрга чиқиш жойлари кўздан кечирилди. Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасида сақланаётганларни кундузги вақтда давомийлиги икки соатдан кам бўлмаган ҳар кунги сайр қилиши белгилаб қўйилган бўлсада, оммавий сухбат жараёнида 1-камерада сақланаётган шахслар кун давомида 1 соатдан ошмаган ҳолда сайрга олиб чиқилаётганларини маълум қилишди.
Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.
Муассасадаги ошхона кўздан кечирилганда унда сақланаётганларга таомлар тайёрланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ ва таомномага мос берилаётгани маълум бўлди. Муассасада сақланаётганларга тиббий ёрдам кўрсатиш хонаси кўздан кечирлганда, фельдшер штати ажратилган. Тиббий ёрдам кўрсатиш учун керакли дори-дармонлар мавжудлиги аниқланди. Муассасада сақланаётганлар учун ошхона ва ювиниш хоналари мавжуд.
Шундан сўнг махсус қабулхона ходимлари билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш масалалари бўйича семинар йиғилиши ўтказилди. Тезкор ходимларнинг қизиқтирган саволларига жавоблар берилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш кўрсатиб ўтилди.
А.Камилов, Омбудсманнинг Фарғона вилояти минтақавий вакили.