Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АУТСОРСИНГ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСТИҚБОЛИ ҲАҚИДА АЙРИМ МУЛОҲАЗАЛАР.
2023-09-06 17:02:19 701
Шу кунларда халқимиз давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётида энг катта, алоҳида ўрин олган қутлуғ байрам мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами кенг нишонламоқда. Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 31 августдаги №336-XII-сонли “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонунни қабул қилингандан сўнг ўзини оқламаган эски тузумдан бутунлай воз кечиб, янги давлат, янги жамият қуриш йўли ва имкониятлари очилди. Ҳозирда янги Ўзбекистон бунёд этилаётган, учинчи ренесанс пойдевори мустаҳкамланаётган янги давр бошланмоқда. Шу муносабат билан, бутун дунё ҳамжамиятида бугунги кунда ривожланиб бораётган “Аутсорсинг” муносабатларини ўзимизда ҳам ривожлантиришимиз ҳозирги даврнинг талабидир. Маълумки, ҳар қандай корхона энг кам сарф-харажат эвазига ўзининг фаолиятини унумли равишда кучайтиришга интилади. Аммо бугунги кунга келиб иқтисодий тафаккур ва илмий техникавий тараққиёт бир жойда турмаганидай, ҳар бир ташкилот олдида ишни аъло даражада бошқариш учун янги ғояларни ва технологияларни ўзлаштириш ўткир зарурият бўлиб турибди. “Яхши бажаришни хоҳлайсанми?- ўзинг бажар” бугунги кунга келиб бу мақол аллақачон ўзининг аҳамиятини йўқотган. Аутсорсинг каби ана шундай ҳодисанинг пайдо бўлиши, ҳар қандай ишни яъни, янги технологиялар ва лойиҳаларни бошқаришдан бошлаб то бегона ташкилотларнинг биноларини тозалаб йиғиштиришгача бошқа корхоналарга топшириш мумкин. Ўзга меҳнат манбаларидан фойдаланиш ташкилот учун энг кам вақт ва харажат талаб этади. Аммо ажабланарли томони шундаки, бозорда ўзининг кенг қўлланилиши ва тарқалишига қарамасдан аутсорсинг тушунчасининг ўзи кўпчилик мутахассисларга нотаниш. Охирги йилларда аутсорсинг янги сўз бўлмай, балки, янги ишлаб чиқариш усулларини яхлит холга келтирган, кейинги ўн йилликда юзага келган тараққиёт омилидир. Аутсорсинг (“autsourcing” атамаси инглизча сўздан олинган бўлиб “outside resource using” – “ташқи манбадан фойдаланмоқ” деган маънони англатади) самарадорликни ошириш ва таннархни камайтириш мақсадида бизнес жараёнларнинг бир қисмини бошқа компанияга топширишдир. Бу ўзига яраша кўринишдаги жаҳон миқёсидаги ёрдамчи пудратчи муносабатлари бўлиб, қайсики икки тараф иштирокидаги яъни, буюртмачи компания бир давлатдан ва бажарувчи компания бошқасидан, буюртмачи таннархни тушириш мақсадида ёки ҳатто маҳсулот сифатини ошириш учун баъзи бир ишлаб чиқариш жараёнини бажарувчига топширади. Лекин бу икки тушунчани (аутсорсинг ва ёрдамчи пудратчи) айнан бир нарса деб ҳисоблаш нотўғри бўлар эди, шу сабабдан башарти ёрдамчи пудратчи – бу бир марталик вазифани бажаради, кейин эса бажарилган иш топширилади, буюртмачи билан ёрдамчи пудратчи ўзаро ҳеч қандай ҳуқуқий муносабатда бўлмайди, аутсорсинг эса қулай бизнес-жараёндир. Аутсорсинг муносабатларида бажарувчи компания аслида буюртмачи компания жамоасининг бир қисми бўлиб қолади, лекин фақат муайян ажратиб берилган махсус топшириқларнинг устида ишлайди. Фараз қилайлик, компания аутсорсинг муносабатларига бухгалтерлик хизматини топширади ва бунинг оқибатида доимий ишлайдиган бухгалтерлик бўлимини олади, бироқ ушбу бўлим ўзининг компаниясида эмас бажарувчи компанияда фаолият олиб боради, ўзида фақат бош бухгалтерни сақлаб қолишининг сабаби, бажарувчи компания ишларни қай тарзда олиб боришини ва алоҳида махфийлик талаб қиладиган ишларни назорат қилиши керак бўлади. Аутсорсинг икки хил кўринишда мавжуд бўлади – иншоринг (қачонки иш давлатнинг ичида лекин бошқа компания томонидан бажарилса) ва оффшоринг (қачонки ишлаб чиқариш бошқа давлатда амалга оширилса). Аутсорсинг кўпинча буюртмачи компанияга иқтисодий фойдали бўлиб, ўзининг олий малакали (кўпинча ноёб чунки ниҳоятда қиммат) мутахассисларни ёллашдан кўра, чет элда тўлиқ масштабдаги ўзига қарашли компанияга эга бўлишни афзал кўради. Иқтисодий манфаатнинг бошқа томони билан боғлиқ таваккалчилик ўзга қўлларга янги рақобатбардош технологияларни ва махфий маълумотларни бериш бўлса, шунингдек яна бир таваккалчилик ишни етарли даражада сифатли ёки тезкор бажарилмай қолишлиги бўлиши мумкин. Амалда эса аутсорсинг замонавий иқтисоднинг нодир ҳодисаси сифатида дунёнинг ҳамма ҳудудини қамраб олди. Бироқ янги ахборотлаштириш даврида, бу табиат ҳодисасининг иштирокчи-давлатларга ижобий ёки салбий таъсир этиш мумкинлиги ҳақида баҳс-мунозара ҳали ҳам давом этмоқда. Аутсорсинг муносабатларнинг иншоринг шакли ўзимизда ҳам яхши йўлга қўйилганлигини кўриб турибмиз лекин ҳозирда кўпчилик мутахассислар балки оддий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аҳоли аутсорсинг ҳақида тўлақонли тушунчага эга эмас экан ушбу бизнес жараённинг қулайлик ва афзаллик томонларидан бебаҳра қолаверишади. Бир томондан ушбу хизматдан фойдаланаётган корхона ва ташкилотларимиз ўзлари учун ҳаётий муҳим бўлмаган функцияларини аутсорсинг муносабатларига топшириб энг кам вақт ва харажат кетаётганлигидан манфаатдор бўлсалар, бошқа томондан бунинг оқибатида ўзларида мавжуд бўлган бўлимларнинг ёпилишига олиб келишмоқда. Бунда тадбиркорларимиз “Энг яхши бажаришинг мумкин бўлган функцияларни ўзингда қолдириб, энг яхши бажариши мумкин бўлган функцияларни бошқаларга топшир” каби принципда ишлашмоқда. Ўзбекистонда аутсорсинг муносабатларининг ривожланиб кетиши мумкин бўлган қатор омиллар мавжуд бўлиб, давлат томонидан чиқарилаётган қонунчиликнинг ўзи бу муносабатларни мустаҳкамлаб бормоқда, албатта ҳар бир тадбиркор ўзи учун қулай бўлган йўлдан бориб ўзининг фаолиятини унумли равишда кучайтиришга интилгани каби ушбу муносабатга эҳтиёж кундан-кунга ортмоқда, фақат тадбиркорларимизга ушбу қулай бизнес жараённинг чуқурроқ ўргатиш учун ҳар хил турдаги ўқув-семинар машғулотлари, алоҳида ўқув курслари, аутсорсинг бўйича миллий кўргазма ташкил қилиниши лозимлиги замон талаби бўлиб турибди. “AUTSOURCING UZBEKISTAN” миллий кўргазмасини доимий равишда ташкил қилиш кераклиги шундаки тадбиркорлар ушбу хизматлар ва бизнес-жараёнлар билан танишиб чиқиб ўзининг компаниясининг самарадорлигини ошириши мумкин бўлади. Шу билан бирга аутсорсинг муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатини ҳам яратишимиз керак, сабаби ушбу муносабат ривожланиб боргани сайин мавжуд бўлган қонунчилигимиз билан тартибга келтириш қийинлашиб боради, шунинг учун ҳам албатта “Аутсорсинг шартномаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қонун даражасида қабул қилишимиз керак. Аутсорсинг хизматларини таклиф қилаётган компаниялар фаолиятини жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражага кўтариш ва уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш орқали маҳаллий компанияларнинг нафақат миллий иқтисодиётимиздаги, балки жаҳон бозорида ҳам муваффақиятли ривожланишини таъминлашимиз мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг судьяси С.Л.Анваров