Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Мониторинг ўрганишлари олиб борилди
2023-05-03 12:10:02 574
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалида мониторинг ташрифини амалга оширилиб, беморларга яратилаётган шароитлар, озиқ-овқат ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ўрганилди.
Аниқланишича, ушбу тиббиёт муассасасида беморлар мажбурий ва ихтиёрий даволаниш учун жами 170 ўрин мўлжалланган бўлиб, айни кунда 178 нафар, шундан 98 нафари мажбурий, 80 нафари ихтиёрий даволанаётганларни ташкил этмоқда. Беморларнинг 3 нафари аёллар бўлиб, уларга алоҳида хона ажратилиб, тегишли муолажалар олиб борилаётганлиги аниқланди.Жорий йилнинг 4 ой давомида суд-наркологик экспертизасидан 289 нафар шахс ўтказилган, шундан 137 нафари фуқаролик ишлари билан, булардан 135 нафари сурункали алкоголизм ва 2 нафарида гиёҳвандлик касалликлари аниқланиб, мажбурий даволаниш бўлимига ётқизилган. Жиноят ишлари бўйича ўтказилган 152 нафаридан 48 нафарида гиёҳвандлик, 1 нафарида заҳарвандлик ва 5 нафарида сурункали алкоголизм касалликлари аниқланган, 56 нафари эпизодик наркотик истеъмол қилувчилар бўлиб, қолган 42 нафарида касаллик аниқланмаган.
Бундан ташқари, Қонуннинг 32-моддасида мажбурий даволанаётган шахсларга нисбатан меҳнат терапиясини тегишли корхона, ташкилотлар билан қонун талаблари асосида тузилган шартномалар асосида амалга ошириш йўлга қўйилмаган. Фақатгина, уларни наркология муассасаси ҳудудини ободонлаштириш ишларига жалб қилиш билан чегараланилган.
Гарчанд, Ўзбекистон Республикасининг “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддасида наркологик касалликка чалинган шахслар наркология муассасаси билан тиббий ёрдам ва реабилитация кўрсатиш тўғрисида ёзма шартнома тузиш хуқуқи белгилаб қўйилган бўлсада, муассасада биронта бемор билан бундай шартнома тузилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида наркологик касалликларга чалинган шахсларни тиббий ижтимоий реабилитация қилиш фақат наркологик касалликка чалинган шахснинг ихтиёрий ёзма розилиги асосида, наркология муассасаси билан тиббий ёрдам ва реабилитация кўрсатиш тўғрисида ёзма шартнома тузилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган бўлсада, беморлар билан бундай шартномалар тузилмаганлиги аниқланди.
Шунингдек, аввалги ташрифда ушбу Қонун талабларига зид равишда мажбурий даволанаётган шахслар учун кутубхона ташкил этилмаганлиги кўрсатилиб, ушбу камчиликларни дархол бартараф этиш, беморларга керакли шароитлар яратиш хақида тегишли тавсиялар берилган эди. Ҳозирда ушбу камчиликлар Омбудсман минтақавий вакили тавсияси билан белгиланган талабларга мос равишда беморлар учун кутубхона ташкил қилинганлиги маълум бўлди.
Беморлар М.Н, А.Х ва О.Плар билан ўтказилган сухбатда уларга ўз вақтида керакли муолажалар ўтказилаётганлиги, тиббий хизматдан эътирозлари йўқлиги, озиқ-овқат таъминотидан ҳам шикоятлари йўқлигини билдирдилар.
Мониторинг жараёнида тиббиёт марказининг вилоят филиалидаги шароитлар, озиқ-овқат таъминоти, мажбурий ва ихтиёрий даволанаётган беморларнинг сақланиши ўрганилди. Мажбурий даволанаётган беморларнинг 18 нафари билан оммавий, 4 нафари билан яккама-якка учрашиб, сухбат ўтказилди.
Мажбурий даволанаётган бемор аёллар В.К ва Л.О.лар билан ҳам сухбат ўтказилганда муолажалар ўз вақтида ўтказилаётганлиги, озиқ-овқат ва дори-дармон таъминотидан эътирозлари йўқлигини билдирдилар. Аёллар эркаклардан ажратилган ҳолда алоҳида хоналарда даволанаётганлиги, уларга аёл тиббиёт хизматчилари хизмат кўрсатаётганлигини гувоҳи бўлдик.
Наркология муассасасидаги ошхона кўздан кечирилганда белгиланган менюларга асосан беморларга таомлар тайёрланиб, озиқ-овқат махсулотлари тўлиқ ва таомномага мос равишда берилаётганлиги маълум бўлди. Муассасада беморларга физиотерапия муолажалари ўтказиш учун қўшимча равишда тегишли тиббиёт ускуналари келтирилганлиги ва ҳозирда улар билан беморларни даволанилаётганлиги аниқланди.
Мониторинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
А.Камилов,Омбудсманнинг Фарғона вилояти минтақавий вакили.