Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Фарғона шаҳрида 6 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар ўз квартираларига эга бўлдилар
2022-11-19 20:44:45 519
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида 6 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга ажратилган хонадонларнинг калитларини топширди.
Давлатимиз раҳбари томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили вилоятимиз бўйлаб 18 ёшга тўлган 29 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга кўп квартирали уй-жойлардан квартира тақдим этилган бўлса, бу йил 17 нафар йигит-қиз таъмирланган ва тўла жиҳозланган уй-жойлар эгасига айланишмоқда. Ушбу мақсад учун Президентимиз кўрсатмаси билан республика бюджети маблағларидан 2 миллиард 412 миллион сўм уй-жойлар сотиб олишга ажратилган бўлса, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан маблағ сарфланди.
Бугун Фарғона шаҳрида 6 нафар ёшлар – Эрика Рибалко, Алина Кабилова, Мадина Атаева, Нозимахон Эргашева, Акбархон Каримов ва Умид Шерматов ўз номларига расмийлаштирилган квартиралар калитларини вилоят ҳокими қўлидан қабул қилиб олдилар. Уларнинг барчаси доимий иш ўрнига ҳам эга бўлдилар.
Жорий йил якунига қадар вилоятимизда яна 11 нафар – Марғилонда 6 нафар, Ўзбекистон туманида 2 нафар, Фурқат туманида 2 нафар ва Бувайда туманида 1 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар уй-жой билан таъминланади.
Вилоят ҳокими билан мулоқот қилган ёшлар, Президентимизга чексиз миннатдорчиликларини изҳор этиб, келажакда эл-юртга садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар бўлишга ваъда бердилар.