Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ФАРҒОНА ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ ЭЪЛОНИ
2021-11-10 20:16:33 731
Фарғона вилоятининг 1052 та маҳалласида жорий этилаётган Ҳоким ёрдамчиси лавозимига очиқ танлов эълон қилинади, шу қаторида Фарғона шаҳридаги мавжуд 70 та махалла фуқаролар йиғинларига хам очиқ танлов эълон қилинади.
Ҳозирги кунда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромади ва харид қобилиятини ошириш, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар билан манзилли ишлаш ва уларнинг “ўсиш нуқталари”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳудудларда ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ўз самарасини бермоқда.
Эндиликда “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан “Маҳалладан чиқмай туриб барча хизматлардан фойдаланиш” тамойили асосида давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар тақдим этилишига имкон яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб илк маротаба тажриба тариқасида Ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда.
Лавозимга қўйиладиган асосий талаблар:
Ҳоким ёрдамчиси лавозимига олий маълумотли, маҳалланинг шарт-шароитини яхши биладиган, молия ва иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалаларида тажрибага эга бўлган, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестиция ва ташқи савдо бошқармалари, вилоят солиқ бошқармаси, тижорат банклари вилоят филиаллари ва бошқа иқтисодий ва инвестиция комплексига кирувчи бошқарма ва идоралар, ҳамда уларнинг шаҳар ва туманлар бўлинмаларининг бўлим (шўъба) бошлиғидан паст бўлмаган лавозимда ишловчи раҳбар ходимлари тайинланади.
Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифалари:
а) маҳалла фуқаролар йиғини (кейинги ўринларда – маҳалла)даги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни “хонадонбай” ўрганиш, жумладан аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш орқали маҳалла тўғрисида комплекс маълумотлар базаси (паспорти)ни шакллантириш;
б) маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятлари, тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича шаклланган ихтисослашуви ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда уни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш, уларни ишга солиш орқали маҳалланинг иқтисодий ўсишини таъминлаш;
в) маҳаллада истиқомат қилувчи аҳолининг оилавий тадбиркорлигини ривожлантириш, жумладан уларнинг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятларини йўлга қўйиши учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида кредитлар олишга кўмаклашиш;
г) маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган “етакчи” тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш ҳамда уларга мустақил тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳиятига эга бўлмаган аҳолини ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун бириктириш;
д) маҳалладаги иш билан банд бўлмаган аҳолининг тадбиркорлик ва доимий даромад келтирувчи фаолият билан шуғулланишини йўлга қўйиш мақсадида уларга иссиқхона қуриш, томорқасини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлиш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш, бино ва иншоотнинг ижара тўлови ҳамда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиши учун субсидиялар олишга кўмаклашиш;
е) маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларини ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мавсумий ишчиларга бўлган талабини аниқлаш орқали ишсизларни, биринчи навбатда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га кирган ёшлар ва хотин-қизларни бўш (вакант) иш ўринларига жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш;
ж) доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг иштиёқини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш ва ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш;
з) маҳалладаги бўш бино ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар киритиш;
и) маҳалладаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммолар ва мурожаатларини (муҳандислик-коммуникация тизимларига уланиш ва улардан фойдаланиш, турли хил фаолиятни йўлга қўйиш учун рухсатномалар ва лицензиялар олиш, бўш бино ва ер майдонларини тадбиркорлик учун ажратиш ва бошқалар) тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилишига кўмаклашиш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш чораларини кўриш;
к) маҳалладаги оилаларнинг моддий-ижтимоий аҳволи тўғрисидаги зарур бўлган маълумотларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот дастурига киритиб бориш.
Ҳоким ёрдамчиси ҳар ойда амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда ҳокимга ҳисобот бериб боради.
3. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган кредитлар, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси, Фермер, деҳкон хўжаликлари ва ер эгаларини қўллаб қувватлаш жамғармаси, “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича ажратиладиган субсидиялар тегишли маҳаллага бириктирилган Ҳоким ёрдамчиси хулоса бергандан сўнггина ажратилади.
Ҳоким ёрдамчиси юқоридаги йўналишлар бўйича кредитлар ва субсидиялар ажратиш учун хулоса беришни амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳанинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлигини чуқур ўрганган ҳолда амалга оширади.
Ҳоким ёрдамчисининг мавжуд дастаклари:
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ҳар бир маҳалладаги хонадонларга ва янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун кредит ресурслари лимити ихтиёри берилади.
Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ишсиз фуқаролар учун асбоб ускуналар ва мини технологиялар харид қилишга ҳар бир маҳаллага субсидия учун купон беради.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига фуқарони жалб қилиш учун ҳар бир маҳаллага купон беради.
Ҳар бир маҳаллада фуқарони касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун ваучер беради.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит, субсидиялар, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш учун хулоса беради.
“Ижтимоий шартнома”ларни имзолаш ҳамда шартнома шартларининг бажарилишини таъминлайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий этилаётган, Фарғона шаҳридаги 70 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимига очиқ танлов эълон қилинади. Номзодлар мурожаатлари 15 ноябргача қабул қилинади.
Ҳоким ёрдамчиси лавозимга тайинланган кундан эътиборан, Миллий кадрлар захирасига киритилади ҳамда меҳнат фаолияти натижадорлигига кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги таклифларига асосан юқори лавозимларга танловсиз тўғридан-тўғри ўтказилади.
☎️ Мурожаат учун телефонлар +99873 243-91-50), +99873 243-91-55, +99891 123-17-78
Маълумотнома (объективка) юбориш учун +99891 123-17-78 телеграм рақами.