Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“САБЗАВОТКОР САЛИМАХОН ТАРОВАТИ” Ф/ХГА ТЕГИШЛИ ЕР МАЙДОНИДА ФУҚАРОЛАР ТОМОНИДАН ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН ҚУРИЛМАЛАР ҲАҚИД МАЪЛУМОТНОМА
2021-09-03 13:46:16 691
Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан шаҳар ҳудудида қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланилиши аҳволи юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида Фарғона шаҳар, 2-сектор ҳудудида жойлашган “Жўйдам” МФЙ, Янгиобод ва Маориф кўчалари оралиғидаги “Сабзавоткор Салимахон Таровати” фермер хўжалигига тегишли бўлган ва сабзавот экинлари экиш учун мўлжалланган ер харитасининг 213-контурида жойлашган 69,8 сотих ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, цемент пойдеворлар асосида 9 та участкаларга ажратилгани ҳолда қурилиш ишлари бошланганлиги ва натижада ушбу ер майдонлари қишлоқ хўжалиги ерлари муомаласидан чиқиб, яроқсиз ҳолга келтирилганлиги сабабли давлат манфаатларига 808 049 803 сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 30.06.2021 йилда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 229-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда Фарғона вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироқ, фуқаролар томонидан қурилиш ишлари тўхтатилмасдан, аксинча қонун талабларига беписандлик билан муносабатда бўлиниб, девор билан тўсилмаган ерлар ҳам тўсиб олинган ва қурилиш ишлари давом эттирилган.
Шунингдек, ноқонуний қурилмалар ушбу ҳудуддан ўтган юқори кучланишли электр тармоғи (110 кв.ли 2 та тармоқ) остида жойлашиб, муҳофаза зонаси (20 метр атроф тармоқ муҳофаза зонаси ҳисобланади) талабларига ҳам зид бўлган.
Бундан ташқари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги аҳоли пунктлари комплекс қурилишини назорат қилиш бўйича доимий ҳаракатдаги комиссия ишчи гуруҳи томонидан қурилиш ишлари давом эттирилаётган пайтда бир неча бор жойига борилиб, қурувчи ва усталар ҳам қурилиш ишларини тўхтатиш юзасидан огоҳлантирилган ва объектлар эгаларини топиш бўйича мурожаат қилинган.
Шундан сўнг, жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2009 йилдаги 41-сонли қарори ҳамда 05.07.2017 йилдаги 467-сонли қарори талабларига зид равишда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини чегаралаш мақсадида қурилган деворлар (ғишт ва ғишт шаклидаги бетондан қурилган) келгусида ўзбошимчалик билан уй-жой қурилишини олдини олиш мақсадида доимий ҳаракатдаги комиссия ишчи гуруҳи томонидан белгиланган тартибда бартараф этилган.
Мазкур жараёнда ушбу ҳудудга ўзбошимчалик билан қурилган уйлар бузилмаган.
Маълумот учун: “Сабзавоткор Салимахон Таровати” фермер хўжалиги раҳбари Шакирова Салимахон Джўраевна (65 ёш) муқаддам айнан ўзига тегишли фермер хўжалиги ер майдонидан 20 сотихини фуқаро Ш.Холмирзаевга сотишини ва Фарғона шаҳар ҳокимини қарорини чиқартириб беришини ваъда қилиб, ундан 20000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги ҳолати юзасидан С.Шакировага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов натижаларига кўра судга юборилган.
Шунингдек, ўрганишда “Сабзавоткор Салимахон Таровати” фермер хўжалигининг ҳозирги кундаги умумий ер майдони 24,1 гектарни ташкил этиб, шундан 2,5 гектар ер майдони фуқаролар томонидан тегишли ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги, аммо ушбу ҳолатларга фермер хўжалиги томонидан умуман муносабат билдирилмаганлиги аниқланди.
Натижада ушбу ер майдонлари қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиб, давлатга етказилган зарар 3,2 млрд. сўмни ташкил этган.
Ҳозирда ўрганишлар давом эттирилмоқда.