Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЁШ ВА ҲАВАСКОР ФЕРМЕР ИШЧИ ЎРНИ ЯРАТМОҚЧИ
2021-05-11 13:52:42 888
Қуёнчилик сердаромад соҳалардан бирига айланмоқда. Гўшти ва териси харидоргир, боқиш осон ва катта харажат талаб қилмаслиги қуёнчилик билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун айни муддао.
– Фаолиятимни 16 ёшимда бошлаганман, – дейди Фарғона шаҳридаги Машъал маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Гулмира Абдуллаева. – Ҳозир 18 ёшдаман. Қуёнчилик билан шуғулланишни бошлаганимга эндигина 2 йил бўлган бўлсада, соҳанинг бир қанча сир-асрорларини мукаммал ўрганишга эришдим. Албатта, бу борада мутахассислардан маслаҳат олдим ва энг асосийси кўп китоб ўқидим. Қуён боқишга бўлган қизиқишимга қўшним сабаб бўлган. Ундаги қуён боқишга бўлган шижоат, менда хавас уйғотган. Дастлаб 2 бош қуён боққанман. Кейинчалик уларнинг сонини 1000 (минг бошгача) кўпайтирдим. Афсус тўсатдан ота-онам бетоб бўлиб қолганлиги учун уларни сотишимга тўғри келган. Шундай бўлсада, ҳозир яна 50 бош қуён парвариш қилаяпман. Оиламизда 3 киши доимий иш билан банд.
Ёш бўлсада ўзига яраша тажрибага эга Гулмиранинг куёнларни парвариши учун ўзи истиқомат қилаётган умумий фойдаланишдаги хонадонданнинг кичик бир қисмида фаолият юритаётгани ташаббус ва ҳаракат дадил бўлса, мақсад жой танламаслигига ишонч хосил қилдик.
Куёнларнинг "Великан", "Пландир", "Гигант" зотларини парваришлаётган Гулмиранинг деярли бўш вақти йўқ. Жониворлар боқувга унча инжиқ бўлмасада, уларга мунтазам қаров керак бўлади.
"Бир кунда 5 маҳал сабзи, беда, арпа, буғдой бераман. Вақтида профилактика қилиб турилса, турли касалликларга чалинмайди. Йўқса ўлатга чалиниши, шамоллаб қолиши мумкин. Шунингдек, улар ичкетарга тез чалинишади, қорни шишиб кетади, тажрибамда бу касалликларни қуёнларимда кўрганман" – дейди Гулмира вақт ўтгани сайин малакаси ошаётгани ҳақида сўзлаб.
Иккита эркак ва урғочи қуён, болаласа 10 бошга етиши мумкин. Яхши парвариш қилинса, урғочиси 5 ва ундан ортиқ килограммгача, эркаги 8 килограммдан ортиқ тош босади. 1 килограмм қуён гўшти 30-40 минг атрофида. Кўриниб турибдики 50 бош етилган эркаги 400 килограмм гўшт қилса, бу ўртача 11-12 миллион сўм, дегани. Очиғи ҳозирча фойда ҳақида гапиришига эрта. Аммо унинг режалари кўп.
Гулмира шаҳарда ёшлар билан ишлашнинг янги тизимини жорий этиш, хусусан, "Ёшлар дафтари"га киритилганларнинг бандлигини таъминлашда олиб борилаётган ислоҳотларга кўра ташкил этилган "Моно марказ"да икки ҳафта мобайнида тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича турли соҳа мутахассисларидан сабоқ олди.
Гулмиранинг сўзларига қараганда энди у олган билимларининг барчасини амалиётга татбиқ этиши қолди, холос. Шаҳар ҳокимлигига фаолиятини кенгайтириш учун ер сўраб қилган мурожаати ижобий ечим топиб, унинг аризасига кўра ер ажратиладиган бўлди, ерга экин экиб қуёнларга озуқа етиштиришни йўлга қўймоқчи. Кейинчалик алоҳида фермер хўжалигини ташкил этиш унинг мақсадларидан бири.
"Эндиликда уларнинг терисини ошлаш, қайта ишлашни ўзлаштираяпман. Қуёнларни янгича, илғор технологияга асосланган шароитда боқишни йўлга қўйиш ниятидаман. Бу борада ўйлаб қўйган режам, лойиҳам бор. Янги қуён боқиладиган жойим Европа стандартларига мос бўлади. Шунингдек, 5 нафардан зиёд тенгдошларим чун ишчи ўрни яратмоқчиман".
Шижоат ва ғайрати тўлиб-тошган ҳаваскор фермер қизнинг яна бир эзгу орзуси бор:
"Фаолиятини кенгайтиргач, вилоятимиздаги "Мурувват" ва "Саховат" уйида истиқомат қилувчиларни мунтазам енгил хазм бўлувчи қуён гўшти билан энг арзон нархларда таъминлаб турмоқчи".
Муаттар МАҲМУДОВА.